15 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига рамзий тамал тоши қўйди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун борлигини таъкидлади.

«Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади», — деди Президент.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритадиган ушбу марказнинг асосий ғояси аждодларимизнинг ислом дини ривожига улкан ҳиссасини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир. Шу мақсадда бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.

Марказ биноси мамлакатдаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.

«Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз,бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак» -, деди давлат раҳбари.

Жамиятда меҳр-оқибат муҳитини яратиш, адашганларни авф этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Худди шу куни мамлакат раҳбари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳақига дуо қилинди.