Пайшанба куни кечқурун Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Салар» кафеси яқинида Hyundai бензовози ёниб кетди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига ҳодиса ҳақидаги хабар 19:10 да келиб тушган.

Ўт ўчирувчилар гуруҳи ҳодиса жойига қисқа муддатларда етиб бориб, бир неча дақиқада оловни ўчирди. Аланга тутуни шаҳарнинг турли қисмларидан кўринган. Қурбонлар йўқ.

Бензовоз ҳайдовчиси ёнғинни мустақил равишда ўчиришга уринганда юз ва қўлидан бир оз куйиш жароҳатини олган. Унга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга техник носозлик сабаб бўлган. Машина «ТрансСеулҚурилиш» унитар корхонасига тегишли бўлган.

Худди шу куни яна бир автомобиль — жисмоний шахсга тегишли бўлган «ЗИЛ» русумли юк машинаси ёниб кетди.

ИИББ ЁХБга хабар 20:14 да келиб тушган. Машина ёнғини Учтепа туманидаги Дадил кўчасида рўй берган.
Ўт ўчирувчилар қисқа муддатларда алангага барҳам берди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.