5−8 июнь кунлари Тошкентда «Атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш» Марказий Осиё халқаро экологик форуми бўлиб ўтади. Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига (5 июнь) бағишланган тадбир Ўзбекистон ҳукумати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкиллаштирилмоқда.

Форумнинг асосий мавзу йўналишлари: муҳофаза қилинувчи табиий ҳудудлар хилма-хиллигини сақлаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергосамарадорлик.

Тадбир доирасида илк бор Green Ecology Technologies Central Asia (GETCA 2018) экологик тоза технологиялар ихтисослаштирилган кўргазмаси ва бизнес-форум ўтказилади.

Кўргазмада Арманистон, Венгрия, Германия, Италия, Корея Республикаси, Латвия, Россия, Франция, Чехия, Хитой ва Швейцариядан яшил технологиялар соҳасидаги 40 дан зиёд ишлаб чиқарувчилар иштирок этади.

Бизнес-форум атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва минтақани барқарор ривожлантириш, Марказий Осиё давлатларидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш ва уларда техник кўмаклашишга эришиш, мамлакатлар иқтисодиёти секторларини ривожлантиришга инвестициялар ва тоза технологияларни жалб қилиш каби масалалар бўйича фикр алмашиш учун платформа вазифасини бажаради.