Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментига айлантирилди. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 май куни имзоланган фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатда департамент вазифалари ва ваколатларини қайта кўриб чиқиш зарурияти бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари давом этаётгани билан изоҳланади.

Департамент Бош прокуратура ҳузуридаги мустақил ихтисослашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ҳисобланади. У иқтисодий ва коррупцион жиноятлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор қидирув фаолиятини олиб бориш, тергов олди текширувини ўтказиш, шунингдек кўрсатиб ўтилган жиноятлар натижасида етказилган зарарлар ўрнини қоплаш кабиларни амалга оширади.

Департамент тузилмасида Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси, Ахборот-таҳлил бўлими ва Ташкилий-назорат бўлими ташкил этилди.

1 июлдан президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт шартномалари комплекс экспертиза маркази департаментга шубҳали операциялар тўғрисидаги зарур ахборотларни тақдим этишни бошлайди.

Департаментга Марказий банк ва Молия вазирлигидан банк ҳисоблари ва ягона ғазначилик ҳисоби бўйича давлат пул маблағлари ҳаракати билан боғлиқ маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқи берилади.