Янги ўқув йилидан Ўзбекистонда ягона мактаб формаси жорий этилади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб мажлисида сўз борди, дея хабар қилди ЎзА.

Мактаб либоси намуналари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан томонидан илғор дизайнерлар жалб қилинган ҳолда ишлаб чиқилди. Янги намунадаги формалар ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Кўпчилик фикрига кўра, энг мақбул топилган 10 турдаги мактаб формаси тажриба-синовдан ўтказишга қўйилди.

Синов жараёни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 91-умутаълим ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-умумтаълим мактабида давом этмоқда. Жараённи сифатли ташкил этиш мақсадида ота-оналар учун сўровнома тарқатилган.

Яқин кунларда тажриба-синовдаги формаларнинг қайси бири мақбул экани ушбу сўровномаларда билдирилган фикрлар орқали аниқланади.

Мактаб формаси 3 ёш гуруҳига бўлинган ҳолда танланиши кўзда тутилмоқда. 1−4, 5−8 ва 9−11 синф ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида формалар яратилган.

Тадбирда иштирок этган ота-оналар тажриба-синовдаги формалар барчага манзур эканини таъкидлади. Уларнинг сифати яхшилиги, материали 100 фоиз пахта хомашёсидан экани ҳам мақсадга мувофиқ.

Сўровномалар ва жамоатчилик якуний хулосасига таянган ҳолда танланган мактаб формаларини барча мактабларга етказиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, формаларни тикиш жараёнига чекка туман ва қишлоқлардаги тикувчилик цехлари жалб этилади.

Кўп фарзандли ота-оналарнинг мактаб формаларни харид қилиши учун қисқа муддатли кредитлар ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Мактаб формаси нархларининг ижтимоий оммабоп бўлиши таъминланади.