Ўзбекистон мактабларида ўқув йили тугашига бағишланган тадбирлар 11 йиллик таълимга ўтилгани муносабати билан янгича шаклда ўтказилади, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Жорий йилда 9- синфнинг 475276 нафар ўқувчи тамомлайди. Уларнинг 5 фоизи академик лицейларда ўқишни давом эттиришга қарор қилган бўлса, қолганлари 10- синфга ўтади.

Мактабларда анъанавий «сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўрнига «Қадрдон мактабимиз бағрида ўқиб-ўрганиш, доимо изланиш, янгиликка, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаймиз!» шиори остида тантанали маросим ўтказилади. Тантаналар 25 май куни 8:30 дан 10:00 га қадар бўлиб ўтади.

Авваллари «Хайр, мактаб», «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилиб, биринчи синф ўқувчилари қўнғироқ чалар эди. Бу йил шакл ўзгаради, чунки битирувчилар йўқ, — дея изоҳ берди ХТВ вакили.

Айни пайтда мамлакатда 9628 та умумтаълим мактаби ва 211 та «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда. 2017−2018 йилларда 43 млн дарслик чоп этилиб, жойларга етказилди. Якунланаётган ўқув йилида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида илк бор инновацион олимпиада ўтказилди.

Аввал хабар қилинганидек, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари беш кунлик таълимга ўтказилади.