Тошкент ИИББ ва Ўзбекистон Бош прокуратураси етти кунлик қизини 4000 долларга сотмоқчи бўлган аёлни қўлга олди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкентда ўзининг 5 майда туғилган қизини сотиш учун харидор қидираётган аёл ҳақида маълумот келиб тушганидан сўнг, Тошкент ИИББ Жиноят-қидирув бошқармаси Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди.

Тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятида туғилган 23 ёшли Хайриносо Ж. (исми ўзгартирилган) қўлга олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси билан («одам савдоси») жиноят иши қўзғатилди. Она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди, чақалоқ меҳрибонлик уйига жойлаштирилди.