Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи жараёнида 40 дан зиёд ҳужжатлар, жумладан 8,5 млрд долларлик савдо-иқтисодий ва инвестицион битимлар имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда президент матбуот котиби Комил Алламжонов хабар қилди. У ташриф вақтида мазкур рақамлар ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилди.

Шавкат Мирзиёев 15 май куни Вашингтондаги «Эндрюс» аэропортига қўнади. «Ҳар икки томон ҳам мазкур ташрифга катта эътибор қаратмоқда. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон раҳбари ташрbфини тарихий деб баҳолади», — дея таъкидлади Комил Алламжонов.

16 май куни Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади. Дастлаб музокаралар тор доирада, сўнгра — кенгайтирилган таркибда ўтказилади. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқади.

17 май куни Ўзбекистон президенти Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокаралар ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга инвестициларни жалб этиш тўғрисида музокаралар олиб бориш учун Жаҳон банки президенти билан ҳам учрашади.