Шанба куни 14:52 да Тошкентнинг Яшнобод туманида салонида 20 нафар йўловчиси бўлган 119-сонли Isuzu автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлди.

Оҳангарон кўчаси бўйлаб Қўйлиқ 1-мавзеси томонга ҳаракатланиб кетаётган автобус (давлат рақами 01 023 EDA) олдидан фил суяги рангидаги Nexia автомобили кескин ўнгга бурилиши оқибатида Isuzu ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, машина Толариқ ариғига тушиб кетган.

Бу пайтда автобуснинг тезлиги соатига 27 км ни ташкил этган. Nexia ҳодиса жойидан яширинган.

«Газета.uz"га «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясидан хабар қилинишича, ҳодиса натижасида йўловчилардан ҳе ким жабрланмаган, бироқ автобус ҳайдаш бўйича етти йиллик тажрибага эга ҳайдовчи — Абдурашид Қўзибоев (1981 й. т.) жароҳатланган. Унга бош мия чайқалиши ташхиси билан Республика неврология марказида амбулатор даволаш ёрдами кўрсатилди.

Ҳозирда Тошкент ИИББ ЙҲҲБ томонидан фил суяги рангидаги Nexia автомобили қидирилмоқда. Мазкур воқеага гувоҳ бўлганлардан «Тошшаҳартрасхизмат» ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимларига (+99899 848−69−99) ёки ИИББ ЙҲҲБга (230−94−52) хабар бериш сўралди.