Тошкент ҳокими в. б. пойтахтда дарахтларнинг кесилиши жараёнини шахсан ўз назорати остига олди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти сешанба куни маълум қилди.

«Бир неча ўн йиллик соғлом ва шаҳримизни чиройига чирой бағишлаб турган дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётганлигига кескин барҳам бериш мақсадида, масъул бошқарма ва ташкилотлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилади. Жавобгарликкача тортиш чоралари кўрилади», — дейилади баёнотда.

«Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтимиз аҳолисига ушбу тартибсизликларга уч кун ичида барҳам берилиши ва бундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилишини шахсан ўзи назоратга олишини билдирди», — дея таъкидланади хабарда.

Ҳокимият фуқароларни бирор жойда дарахт кесилаётганда бефарқ бўлмасликка чақириб, бунинг олдини олиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишонч телефонига (277−75−43) ёки ички ишлар идораларига (233−72−33) қўнғироқ қилишни сўради.

«Бу билан сиз халқимизга тегишли бўлган бойликни талон-тарож қилинишини олдини олган бўласиз! Ҳурматли ҳамшаҳарлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги сизларни ушбу ишларда фаол бўлишингизни сўрайди», — дейилади хабарда.