Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни мамлакатзга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, суҳбат давомида икки томонлама амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, мамлакатга Амирликлар инвесторларини истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бу борада нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

Учрашув чоғида меҳмон жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида билдирилган таклифларни Амирликлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, аниқ истиқболли инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тўла татбиқ этишга Бирлашган Араб Амирликлари тайёр эканини маълум қилди.