Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида Туркманистон президенти ташрифи арафасида очилган «Ширинтой» болалар боғчасида икки бош пони отлари келтирилди, дея хабар қилди Мактабгача таълим вазирлиги «Газета.uz"га.

Тарбияланувчилар иппотерация, яъни отда юриш орқали физиотерапевтик муолажа олишлари мумкин. «Психологик нуқтаи назаридан от билан алоқа инсонга кўплаб ижобий туйғуларни беради», — деди МТМ матбуот хизмати вакили.

«Ширинтой» болалар боғчаси 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, тарбияланувчилар олтита гуруҳга ажратилади. Спорт ҳамда рус ва инглиз тили машғулотлари йўлга қўйилган.

Маҳаллий аҳоли таклифлари ҳисобга олинган ҳолда мактабгача таълим муассасасида яна иккита қисқа муддатли гуруҳ очилиб, уларда 50 нафарга яқин бола таълим олмоқда.

Болалар боғчаси 2,6 млрд сўм миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобига қурилган.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин яқинда тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб, таълим жараёни бўйича таклиф ва тавсияларини берди.