Бунга қадар Қирғизистон президенти девони раҳбари бўлиб ишлаган Мухамедкалий Абилгазиев мамлакатнинг янги бош вазири бўлди. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков жумани куни шу ҳақдаги фармонни имзолади, дея хабар қилди «Кабар» агентлиги. Президент шунингдек Қирғизистон ҳукуматининг янги аъзоларини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни ҳам имзолади.

Худди шу куни аввалроқ Жокоргу Кенеш депутатлари навбатдан ташқари мажлисда Мухамедкалий Абилгазиев номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлаган эди.

Пайшанба куни Қирғизистон парламенти мухолифат камчилик коалицияси таклифи бўйича 2017 йил якунлари ҳисоботи юзасидан ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилди. Шундан сўнг президент ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади. Аввалги бош вазир Сапар Исаков ушбу лавозимга ўтган йилнинг сентябрида тайинланган эди.