Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига эндиликда Telegram мессенжери боти (@iibb_bot) ёрдамида мурожаат қилиш мумкин, дея хабар қилди ИИББ «Газета.uz"га. Бу бошқарма билан боғланиш мумкин бўлган яна бир йўл бўлиб, бунга қадар расмий сайт ва Фейсбукдаги саҳифадан мурожаат юбориш имконияти мавжуд эди.


Бот ўзбек ва рус тилларида ишлайди. Илк ишга туширган вақтда у фойдаланувчидан телефон рақамини сўрайди.

Фойдаланувчига у яшайдиган ёки бирор ҳодиса содир бўлган туманни танлаш таклиф қилинади. Дастур жойни автомат равишда аниқлаши учун геомаълумотларни юбориш имкони бор.

Шундан сўнг ЙҲХБ, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, профилактика инспекторлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари ҳамда ички ишлар органларининг бошқа хизматлари фаолиятига алоқадор бошқа сўров, ариза ёки мурожаатни юбориш мумкин. Шунингдек, аудио, видео ёки фото файлларни бириктириш мумкин.

Бот хабарни қабул қилганидан сўнг автомат равишда хабар олингани ва маълумотлар базасига киритилгани ҳақида жавоб қайтаради, мурожаат кўриб чиқилгани бўйича эса мобил телефонига SMS-хабарнома юборилади.