Ўзбекистон ва Афғонистон IT-соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон АКТ вазирлиги ҳамда Афғонистон Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзолади.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Афғонистон Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги 2 апрель куни Тошкентда стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат остига Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев ва Афғонистон коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзад Гул Арёбий имзо қўйди.

АКТ вазирлигидан «Газета.uz"га хабар беришларича, меморандумдан кўзланган мақсад — телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизмати соҳаларидаги тажриба алмашув ва ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Вазирлар юқори тезликка эга алоқа транзит каналларини йўлга қўйиш, икки мамлакат алоқа операторлари ўртасида халқаро телефон трафиги ҳажмининг оширилиши, юқори тезликда интернетга уланиш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга доир масалаларни ҳам кўриб чиқди. Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга почта транзити тўғрисида келишувга эришилди.

«Меморандум доирасида афғон талабаларининг бизнинг университетларда — Тошкент ахборот-технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида таълим олиши масаласи ҳам кўриб чиқилади», — дея таъкидлайди Азим Аҳмадхўжаев.

Бундан ташқари, «Ўзбектелеком» ва Afghan Telecom Corporation компаниялари ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Томонлар халқаро алоқа хизматлари таъминланишида мамлакатларнинг эҳтиёжлари таҳлилини ўтказишни мўлжаллашмоқда.