Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи чорагида истеъмол маҳсулотларининг асосий турлари нархлари ўртача 1 фоизга ўсди, дея хабар қилди Марказий банк. Республика ҳудудларидаги нархлар динамикаси таҳлиллари нархлар барқарорлашганидан далолат бермоқда, дейилади хабарда.

Март ойида кузатилаётган товарлар бўйича нархлар ўртача 0,4 фоизга пасайган бўлса, январь ва февраль ойларида мос равишда 0,6 ва 0,7 фоизлик ўсиш қайд этилган эди.

Биринчи чоракда айирбошлаш курси барқарорлигининг сақлаб қолиниши ва пул массасининг паст суръатларда ўсиши иқтисодиётнинг истеъмол секторида инфляция жараёнларининг жиловланиши ва нархлар даражасининг турғунлашувига хизмат қилди, дея қайд этди МБ.

Январь-март ойларида айирбошлаш курси 0,5 фоизга мустаҳкамланди, ўтган йилнинг шу даврида у 10 фоизга қадрсизланган эди. Пул массаси 1 фоизга ошди (2017 йилнинг шу даврида — 7,5 фоизга). Муомаладаги нақд пул ҳажми 6 фоиздан зиёдроққа камайди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 21 фоизга ошган эди.

Марказий банк томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, йил бошидан буён сезилаётган ва кутилаётган инфляция оқибатлари даражаси пасаймоқда. Ички бозорда таклиф қилинаётган бирламчи эҳтиёж товарлари барқарорлиги ва нархларнинг ўсиши учун бошқа фундаментал омилларнинг йўқлигини ҳисобга олган ҳолда МБ нархлар беқарорлиги учун объектив сабаблар йўқлигини маълум қилди.