«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» халқаро конференцияси Тошкент халқаро конференцияси декларацияси имзоланиши билан якунига етди.

Юқори даражали форум якунларини сарҳисоб қилар экан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов декларация афғон масаласини ҳал этишдаги ҳамкорликдаги ишлар ва бирдамлик белгиларидан бири бўлганини таъкидлади.

«Бу жаҳон ҳамжамияти уруш ва зўравонликлардан чарчагани ва барчамиз тинчлик, хотиржамлик ва халқларимиз фаровонлигини хоҳлашимизни билдиради», — деди ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференциядаги нутқидан иқтибос келтирар экан, Абдулазиз Камилов шундай деди: «Аслида бу бир маданият, бир тарих, бир тамаддун маконидир».

«Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, давлатлар ва минтақалар хавфсизлиги ва қайғусини бизники ёки ўзгаларники деб ажратиб бўлмайди. Шунинг учун Афғонистоннинг дарди — бизнинг дардимиз, бу ерда ҳозир бўлган барчанинг дардидир, чунки у ёки бу томондан биз ушбу муаммога бевосита алоқадормиз», — деди вазир.