Афғонистон ичидаги сиёсий жараёнларни бошлашни энди орқага суриб бўлмайди. Бу жараённи чўзиш яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқида. Тадбирда Афғонистон президенти Ашраф Ғани иштирок этмоқда.

«Ўзбекистон Кобул жараёнидоирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан „Толибон“ ҳаракатининг „олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик“ асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш керак, — деди Ўзбекистон президенти. — Бу ўринда гап, аввало, қуролли мухолифат томонидан ҳам, Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари томонидан ҳам жанговар ҳаракатлар олиб боришдан воз кечилиши ва ўт очишни тўхтатиш режимига сўзсиз риоя қилиниши ҳақида бормоқда».

«Афғонистоннинг келгусидаги тинч тараққиёти учун умумий масъулиятни ҳис этган ҳамда ўзбек ва афғон халқининг азалий дўстлик алоқаларига таянган ҳолда, биз Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев ўз нутқида. — 

Мухолифат тинч музокараларда иштирок этадиган ва миллий келишувга эришилган тақдирда Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига мухолифатнинг интерациялашуви учун барча шароитларни яратиш зарур бўлади, дея давом эттирди у.

«Қуролли мухолифат вакиллари, жумладан, толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга», — деди давлат раҳбари.

Бу борада мамлакатда парламент ва президентлик сайловларигача бўлган даврда афғонлар ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, мухолифатдаги кучларга ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир, деган фикрни илгари сурди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти барча қўшни ва ҳамкор мамлакатларнинг саъй-ҳаракатлари бир-бирини такрорламаслиги, балки тўлдириши кераклигини таъкидлади. «Биз бу муаммони ҳал этиш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирлар, ёндашув ва механизмларни ишлаб чиқишимиз зарур», — деди у.

«Ишончим комил, ушбу конференциянинг ўтказилиши, амалий руҳдаги мулоқот ва мунозаралар, шунингдек, якуний Тошкент декларациясининг қабул қилиниши Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалий жиҳатдан ижобий натижаларга эришиш имконини беради ва тинчлик жараёнининг ўзига хос «йўл харитаси"га айланади», — дея ишонч билдирди Ўзбекистон президенти.

«Афғонистоннинг келажаги халқаро ҳамжамиятнинг барчамиз учун умумий бўлган таҳдид ва хатарларга қарши курашишга ожиз эканини кўрсатадиган мисолга айланиб қолмаслиги лозим. Бугун барчамиз бирлашиб, жафокаш Афғонистон халқига тинчлик ва тараққиёт йўлида ёрдам қўлини чўзишимиз, уни қўллаб-қувватлашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир», — деб ўз нутқига якун ясади Шавкат Мирзиёев.