Самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалашга олиб чиқилган мактаб ўқувчиларидан бири 23 ёшли Диана Еникееванинг ўлими тафсилотларини ёритганидан сўнг турли босим ва таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди.

«Менинг ўзимдан қаҳрамон ё авлиё ясаш ниятим йўқ. Менга суиқасд қилишадиган даражада катта иш ҳам кўрсатганим йўқ. Аммо сиз, азиз ФБ дошлар, ҳамкасблар, бир нарсани билиб қўйишларингизни истайман: Диана фожеасини ёритганимдан сўнг турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетди», — деб ёзади журналист ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

«„Фалон рақамли машинада юрар экансиз, машиналар ўз-ўзидан ёниб кетади, портлаб кетади, устига КамАЗ чиқиб кетади, шунақа ҳодисалардан қўрқмайсизми?“ деган таҳдидлар бўлди. Қайси куни пешин намозига масжидга пиёда чиқсам, уйимдан чиққан жойимда бир рақамсиз машина устимга ҳайдади, сал қолди уриб кетишига. Зўрға ўзимни четга олишга улгурдим», — дейди Каримберди Тўрамурод.

У бўлиб ўтаётган ҳодисаларни санаб ўтар экан, ОАВ ходимларига қуйидагича мурожаат қилди: «Каримберди Тўрамуроднинг машинаси портлаб кетибди», «машинаси ёниб кетибди», «машинасининг устига КамАЗ чиқиб кетибди», «Каримберди Тўрамурод бедарак йўқолибди», «Каримберди Тўрамурод ўз жонига қасд қилибди», «ўзини осиб қўйибди» ё «ўзини дарёга ташлабди», «Каримберди Тўрамурод юрак етишмовчилиги туфайли тўсатдан вафот этибди» деган гаплар чиқса, «Каримберди Тўрамуроднинг ёнидан ёки машинасидан гиёҳванд модда чиқибди», «қурол чиқибди», деган гаплар тарқатилса, ИШОНМАНГЛАР! Шундай гаплар чиқса, бу режалаштирилган иш бўлади".

Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун «Газета.uz» мухбири Каримберди Тўрамурод билан боғланди. «Ҳақиқатдан ҳам, давлат рақами бўлмаган оқ Nexia автомобили устимга ҳайдади. Агар йўл четидаги ариқдан бу ёққа ўтиб қолмаганимда босарди. Ўтган куни кечаси 9:30−10 ларда эса бир киши қўнғироқ қилиб: „Сенми ўқитувчини ҳимоячиси, сени онангни фалон қилай, аёлингни фалон қилай, қизингни фалон қилай“, — деди. Бу одамнинг кимлигини топса бўлади», — деди журналист.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Диана Еникеева вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалар томонидан ҳудудларни ободлаштириш ишларига чиқарилмагани, бундан кейин ҳам жалб қилинмаслигига вилоят раҳбари сифатида сўз берган эди.