Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Каттақўрғон туманида 23 ёшли мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг юк машинаси уриб кетишидан вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«Газета.uz"нинг вилоят ҳокимияти матбуот хизматидан олган изоҳида маъмурият раҳбари ушбу ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига ишонч билдирди.

Содир бўлган воқеа йўлларда хавфсизликни кучайтириш заруриятини билдиради, деди у. «Ҳар бир инсон ҳаёти биз учун ўта муҳим», — дея таъкидлади Туробжон Жўраев.

«Ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалар томонидан ҳудудларни ободлаштириш ишларига чиқарилмаган ва бундан кейин ҳам жалб қилинмаслигига вилоят раҳбари сифатида сўз бераман», — деди ҳоким.

Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокимияти ва шахсан ўз номидан Диана Енекееванинг фожиали ўлими туфайли чуқур ҳамдардлик изҳор этди ва вафот этган аёлнинг оила аъзоларига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилишига ваъда берди.

Ҳоким бахтсиз ҳодисанинг давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи билан боғлаб оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланишини ва ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлаб ўтди. «Шу муносабат билан, жамики оммавий медиа вакилларини ушбу ҳолатни ёритишда холисоналикка риоя қилишга, бир томонлама ёндашувдан қочишга чақирамиз», — деди у.

Якшанба куни Каттақўрғон тумани ҳокимияти ва вилоят Халқ таълими бошқармаси ўқитувчилар йўл тозалашга олиб чиқилмаганини маълум қилди. Вафот этган ўқитувчининг ҳамкасблари эса бунинг тескарисини айтган эди.