Қаршининг «Насаф» клуби Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи тўртинчи тури доирасида Қатарнинг «Ал Садд» жамоасидан мағлубиятга учради. Сешанба куни Дохада бўлиб ўтган учрашув 4:0 ҳисобида якунланди.

Қатар клуби ярим ҳимоячиси Хави «Ал Садд"нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги тарихида энг тезкор голни киритган ҳолда ҳисобни очди. «Барселона"нинг собиқ капитани рекорд ўрнатиши учун 2 дақиқа 28 сония керак бўлди. Ундан аввалги натижа Эмерсонга тегишли бўлиб, 2008 йилда 2-дақиқанинг 35-сониясида ҳисобни очган.

Эътиборлиси, бу испан ўйинчисининг ОЧЛдаги биринчи голи ҳисобланади. «Насаф» дарвозаси яна уч марта Абдулкарим Ҳассан, Бағдод Бунежа ва Жугурта Ҳамрун томонидан ишғол этилди.

Тўрт тур якунлари бўйича Рўзиқул Бердиев жамоаси олти очко билан учинчи поғонани эгаллаб турибди. Биринчи ва иккинчи ўринларни «Ал Садд» ва Эроннинг «Персеполис» (9 очко) эгаллаб турган бўлса, БААнинг «Ал Васл» жамоаси сўнгги поғонани банд этган.

Видео