Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон 9 март куни Душанбеда фаолияти 2011 йилда тўхтатилган Ғалаба-Амузанг-Хушади темир йўл тармоғининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбарлари рамзий тугмани босиб, телекўприк режимида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги «Амузанг» ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Хушади станциялари ўртасида илк поезд қатновини кузатишди.

Ўзбекистон раҳбарининг Душанбега ташрифи арафасида 1 март куни «Амузанг» темир йўл чегара-ўтказиш пункти ва қатор автомобиль чегара-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланган эди.

Имомали Раҳмон тармоқлар фаолиятининг қайта тикланганини улкан ҳодиса деб атади. «Мамлакатларимиз ўртасида юк оқимини ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш билан бир қаторда, [бу] Тожикистоннинг аҳолиси 3,5 миллион нафардан ошувчи жанубий вилоятларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётни яхшилаш учун замин яратади», — деди у.