Ўзбекистон Қуролли кучлари делегацияси Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлик жараёнлари, амалий машғулотларни олиб бориш усул ва услублари билан яқиндан танишишди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-майор Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги офицерлар Россиянинг Марказий ҳарбий округидаги Челябинскда жойлашган дала-ўқув майдонида танкчилар дивизияси ҳамда Самара гарнизонидаги ҳарбий бўлинмаларнинг амалий тактик машғулотларини кузатишди.

Хусусан, Ўзбекистон делегацияси у ерда разведка ишғол тизимини қўллаган ҳолда батальон тактик гуруҳларининг жанговар ўқ отиш машқлари, қўшин турлари билан ҳамкорликни ташкил этишда қўмондонлик пунктларининг иш тартиби, шунингдек, танкчиларнинг рейд ҳаракатлари ва шартли душман флангига ёриб кириш усуллари билан танишишди.