Ўзбекистон Бош прокуратураси бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланганини хабар қилди. Маҳкама матбуот хизмати хабарига кўра, улар собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан жиноят иши бўйича ушланган.

Айни пайтда Бош прокуратура ОАВдаги Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Миръалам Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушланганлиги тўғрисидаги хабарларига раддия билдирди. «Бош прокуратура ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини маълум қилади», — дейилади раддияда.

Бош прокуратура тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкинлиги сабабли жиноий иш тафсилотлари эълон қилинмаслигини тушунтириб ўтди.

«Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.

«Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди», — дея таъкидланади хабарда.

«Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.