26 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Президент Режеп Таййип Эрдоған Президент Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти тимсолида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида ҳақиқий биродар ва ҳамфикрга эга бўлганини алоҳида таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил октябрида Туркияга ташрифи якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан, савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, туризм ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш борасида келишиб олинди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда муқаддам эришилган келишувларнинг бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштириш муҳимлиги эътироф этилди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.