20 февраль куни Ўзбекистон nашқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Чили Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) Родриго Хосе Ниетони қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Элчи ўзининг ишонч ёрлиқларини тақдим этди.

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Чили ҳамкорлигини икки томонлама шаклда ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, маданий ва гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Чили ўртасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш истиқболлари қўллаб қувватланди. Қайд этилганидек, савдо, иқтисодий ва сармоявий муносабатларни ошириш мақсадида фахрий консуллар тайинлаш имкониятларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Суҳбат чоғида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек, минтақавий муаммолар, хусусан, халқаро ҳамжамият эътибори марказида бўлган Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Элчига Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференцияда иштирок этиш таклифи берилди.