Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 январь куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди, дея хабар қилди ЎзА.

Президент 2017 йил 24−25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.

Вилоятда 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 17 триллион 366 миллиард сўмни ташкил этди. Бандлик дастури доирасида 70 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 2 минг 711 та, жумладан, саноатда 776 та, хизмат кўрсатишда 1 минг 115 та ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 820 та лойиҳа амалга оширилди.