Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким Термизий мақбарасига ташрифи чоғида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ватандошлар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуда эканини таъкидлаб, уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Кечаги бўлган фалокатлар кўп нарсалардан одамга далолат қиладики, халқимиз олдида ҳали қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун уларнинг бегона юртларда иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлат нуқтаи назаридан, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларда бўлган энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида [бартараф] қилмаганимиздан далолат беради», — дея тан олди давлат раҳбари.

«Улар бегона юртларда сарсон-саргардон, деган гап бекор гап эмас. Бечоралар, уларнинг ҳам умиди бор Худодан, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман деб [кетишган]. Ёш-йигитлар ҳаммаси… Ҳаммаси ўзбекистонликлар. Албатта, одам жуда катта қайғуда. Ота-оналарга ҳамдардлик юбордик», — деди Президент.

Видео