Фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси 18 январь куни эрталаб Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисада жароҳатланган ва ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга олиб келиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятига етиб борди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон делегацияси аъзолари автобусдаги ёнғиндан омон қолган ҳамюртларимиз даволанаётган вилоят интенсив терапия клиник шифохонасида бўлди.

Шу куни Ақтўбе вилоят ҳокимлигида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қозоғистоннинг бошқа хизматлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон делегациясининг амалий йиғилиши ўтказилди.

Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Эрлан Тургумбаевнинг маълумотига кўра, 32 нафар ҳалок бўлганларнинг шахси аниқлаштирилди ва келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш гуруҳи томонидан автобусдаги ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.