Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзени қабул қилди, дея хабар берди ЎзА.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Хитой элчисининг фаолияти самарали бўлгани ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Президент ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб элчига «Дўстлик» орденини топширди.

Элчи Сунь Лицзе Шавкат Мирзиёевга унинг фаолиятини юксак баҳолагани ва «Дўстлик» ордени билан мукофотлагани, шунингдек, Ўзбекистонда Хитой дипломатик миссияси фаолиятига берилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.

У Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда бундан буён ҳам фаол иштирок этиш мақсадида эканини таъкидлади.