Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона водийсида Қамчиқ довони ҳудудида об-ҳавонинг ёмонлашиши тўғрисида огоҳлантирди.

1−2 декабрь кунлари Қамчиқ довонининг А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўли ўтадиган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучайиши, туман тушиб, кўриш масофаси 50−100 метргачани ташкил этиши кутилмоқда. Шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, йўлларда қор уюмлари ва музли сирпанчиқлар пайдо бўлиши мумкин.

2−3 декабрь кунлари кечки ҳароратнинг минус 12−17 даража Цельсийга, кундузи эса минус 7−12 даражагача тушиши кутилмоқда.

ФВВ ҳайдовчилардан йўлларда кўриш қийинлашган шароитда эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.