Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Жанубий Кореянинг Sejin G&E компанияси Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Тошкент полигонида қаттиқ маиший чиқиндиларни йўқ қилиш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиб, чиқинди гази олиш ҳамда электр ва иссиқлик энергиясини ҳосил қилишни йўлга қўяди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар қилишича, делегациянинг Корея Республикасига ташрифи доирасида тегишли меморандум имзоланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 50-60 млн доллар атрофида баҳоланиб, тўғридан-тўғри сармоя киритилади.

Давлат экология қўмитаси делегацияси Ансан шаҳридаги Sejin G&E чиқиндиларни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди. У қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш билан шуғулланиб, 750 минг аҳолига эга шаҳарга хизмат кўрсатади. Ҳар йили 15 минг тоннадан зиёд қаттиқ маиший чиқинди сараланиб, қайта ишланади. Мазкур корхонада қаттиқ маиший чиқиндилардан 80 фоизгача фойдали таркибий қисмларни саралашга имкон берувчи технологиялар жорий этилган.