Ўзбекистон ноябрь-декабрь ойларида 150 минг тонна шакар импорт қилади, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Харидларни «Ўзбекозиқовқатхолдинг» тузилмасига кирувчи «Ўзагроэкспорт», Agro Export Poytaxt ва «Деҳқон савдо» компаниялари амалга оширади. Ҳозиргача Россия компаниялари билан 56 минг тонна шакар харид қилиш учун шартномалар имзоланди.

Жумладан, «Продимпекс» ҳар бир тоннаси учун 437 доллардан 50 минг тонна, «Трио XXI» — ҳар тоннаси учун 425 доллардан 1020 тонна ва «Уваровский сахарный завод» — тоннаси учун 380 доллардан 5000 тонна шакар етказиб беради.

Аввалроқ «Ўзбекозиқовқатхолдинг» вакили жорий мавсумда шакар етказиб бериш ҳажми ўтган йилгига қараганда кўпроқ бўлишини маълум қилган эди. Компанияда ишонч билдирилишича, барча савдо нуқталари керакли миқдордаги шакар билан таъминланади.

Куз бошланиши билан Тошкент аҳолиси мунтазам равишда йирик ритейлерларга алоқадор бўлмаган дўконларда шакар тақчиллигига дуч келади.