Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов ва Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев 14 ноябрь куни ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Меморандум Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва муассасаларида Ёшлар иттифоқининг бошланғич тузилмаларини тузиш ва фаолиятини йўлга қўйиш, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг, жумладан, чақирувга қадар ёшларнинг турли мафкуравий таҳдидларга, хусусан, экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетини шакллантириш каби мақсадларга хизмат қилади.

Ҳамкорликдаги режага мувофиқ, мамлакат ҳудудларида «Жасорат» клублари фаолиятини йўлга қўйиш, «Ёшлар поезди» тарғибот акциясида ҳарбий хизматчиларнинг иштирокини таъминлаш, армия мактабини ўтаган ёшлар билан узлуксиз алоқани йўлга қўйиш, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш каби тадбирлар амалга оширилади.

«Меморандумни имзолашдан мақсад — ёшларимизда мамлакатга нисбатан ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришдан иборат. Биз уни ёшларга яқинроқ бўлиш ва улар билан биргаликда ишлаш учун имзоладик, — деди мудофаа вазири Абдусалом Азизов. — Биз Ўзбекистонни асрашимиз керак, чунки ҳозирда дунёда мураккаб вазият ҳукмрон, қўшни Афғонистонда халқаро террористик тузилмалар фаолият кўрсатмоқда. Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик қилар эканмиз, биз Ўзбекистон мустақиллигини биргаликда ҳимоя қила оламиз — давлатни ҳимоя қилишдан бошқа вазифамиз йўқ».

Қаҳрамон Қуронбоев, Абдусалом Азизов ва Азиз Икромов.

Мудофаа вазири ўринбосари Азиз Икромов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган ҳарбий-саноат комплексида ёшларнинг ҳам ишга жалб этилиши тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

«Олий бош қўмондонимизнинг Туркия Республикасига ташрифи чоғида Ўзбекистонда махсус техника ва машиналар ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этиш тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Ва албатта, мазкур корхоналар иш ўринларини яратиб, ёшлар уларга жалб этилади».