Nestlé Uzbekistan компанияси декабрдан Тошкентда 18,9 литр ҳажмдаги қадоқланган сувларни етказиб бериш бўйича бизнесини тўхтатиб, 5 литр ҳажмдаги сувларни ишлаб чиқаришни тўхтатишга қарор қилди. Компаниянинг пойтахтдаги қадоқланган сувларни ишлаб чиқарувчи заводи ёпилади.

Компания вакилининг «Газета.uz"га хабар беришича, ушбу қарор янги бозор конъюктураси манзарасида ташкилот тузилмасини янада оптималлаштиришга ўтиш зарурлиги ҳамда бизнеснинг жорий устувор талаблари муносабати билан қабул қилинди.

Тошкентдаги сув ишлаб чиқарувчи завод 2011 йилда очилган эди. 0,5 ва 1,5 литр ҳажмдаги Nestlé Pure Life сувларини ишлаб чиқариш Намангандаги Nestlé Uzbekistan корхонасида давом эттирилади ва компания мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш йўлидан боради.

Nestlé Uzbekistan Тошкентдаги заводни маҳаллий ёки хорижий инвесторларга сотиш вариантларини кўриб чиқмоқда.