Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга Сазерланд Спрингс шаҳридаги Биринчи Баптист черковида содир этилган шафқатсиз жиноят оқибатида кўплаб ибодатчиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик мактубини йўллади, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

«Ўзбекистонда бундай оқлаб бўлмас, ҳар қандай кўринишдаги ғайри инсоний ва шафқатсиз зўравонлик ҳаракатлари қатъий қораланади», — дейилади ҳамдардлик мактубида.

Давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин дилдан ҳамдардлик изҳор этди ҳамда барча жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади.

Якшанба куни черковда содир этилган отишма оқибатида 26 киши ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳатланди. Қотил — 26 ёшли Девин Келли — кейинроқ ўлик ҳолда топилган. Хабарларга кўра, у АҚШ ҲҲКда хизмат қилган, бироқ аёл ва боласига ҳужум қилгани сабабли ишдан бўшатилиб, судланган.