Сурия-Ироқ ҳудудида аксилтеррор кучларининг ҳарбий босимининг кучайиши манзарасида нафақат ҳарбий ҳаракатлар театри географияси, балки террористлар ҳаракат тактикалари ҳам ўзгармоқда. Бу ҳақда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижро қўмитаси директори Евгений Сисоев маълум қилди.

1−2 ноябрь кунлари Тошкентда ШҲТ МАТТнинг «Терроризмга қарши кураш — чегарасиз ҳамкорлик» бешинчи илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи давлатлар махсус хизматлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Яқин Шарқда давом этаётган қуролли можаро сурункали тус олиб, бутун жаҳон ҳамжамияти учун кескинлик ўчоғи бўлиб қолаётгани қайд этилди.

«Халқаро террористик ташкилотлар аъзолари Афғонистон ҳудудига кўчиб, ШҲТга аъзо давлатлар чегараларига жуда яқинлашмоқда ҳамда «уйқудаги ячейкалар"ни шакллантириш учун ўз мамлакатларига қайтмоқдалар», — деди Евгений Сисоев.

Анжуман қатнашчилари терроризмга қарши кураш уни молиялаштириш манбаларини бартараф этмасдан туриб самарасиз кечишини таъкидлаб ўтди.