Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россиядаги йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган ва жабрланганларни Мудофаа вазирлиги самолёти билан ватанга қайтариш бўйича ҳукумат комиссиясини тузишни топширди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатади, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ўзбекистон ташқи ва ички ишлар вазирликлари ЙТҲга учраган мамлакат фуқароларининг шахсини аниқлаш бўйича чораларни амалга оширади.

Бундан аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Россияга йўл олган тиббий ходимлар гуруҳи таркибидан жарроҳ, нейрожарроҳ, травмотолог, ортопед, анестезиолог ва невролог ўрин олганини хабар қилган эди. Улар тиббий жиҳоз ва дори воситалари билан таъминланган. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида жароҳатланганлар учун палаталар ҳозирлаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилоятида автобус ва йўловчи поезди ўртасида тўқнашув содир бўлиши натижасида 19 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди.