21 сентябрь куни «Биологик хилма-хилликнинг глобал аҳамиятга эга бўлган турлари учун муҳим бўлган тоғ ҳудудларида табиат ресурсларидан ҳамда ўрмон хўжалигидан барқарор фойдаланиш» лойиҳаси ишга туширилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Лойиҳага биноан, Ўзбекистоннинг Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари маъмурий чегараларидаги Ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғларида қор қоплонининг яшаш жойларини табиий ҳолатда сақлаш бўйича чоралар кўрилади.

Лойиҳани 2017−2022 йилларда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, техник ҳамкорлик бюджети 6,5 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда амалга оширилади. Шунингдек, Қор қоплонини сақлаш ва унинг экотизимларини ҳимоя қилиш бўйича Глобал дастур ва ҳамкор ташкилотлар лойиҳа шериклари ҳисобланади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсади Ўзбекистоннинг юқори тоғ тизмалари ноёб ва бой био хилма-хиллигини муҳофаза қилиш ҳамда барқарор фойдаланишга кўмаклашишдан иборат.