Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига келди.

ЎзАнинг хабар қилишича, давлат раҳбарини Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлайди.

Президент ташриф доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлатлар раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Давлат раҳбари, шунингдек, кенг доирадаги Ўзбекистон — Америка бизнес-форумида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўнгги бор Ўзбекистон номидан 2010 йилда мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари Саммитида нутқ сўзлаган эди.