Собиқ «Тошўйинчоқ» заводининг 12 минг кв. м. майдондаги бўш ётган бино ва иншоотлари базасида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича бешта инвестицион лойиҳа бирлаштирилади.

Инвестицион лойиҳаларнинг умумий қиймати 23 миллион АҚШ долларини ташкил этади, деб хабар қилди «Стратегик тараққиёт» Маркази «Газета.uz"га. кластер корхоналарида 700 турдаги пластмасса, юмшоқ, ривожлантирувчи, механик, бошқарилувчи ва бошқа ўйинчоқлар ҳамда болалар буюмлари ишлаб чиқарилади.

Лойиҳавий қуввати йилига 7 миллион дона ўйинчоқни ташкил этади. 80 фоиз маҳсулотлар экспортга йўналтирилади. Лойиҳаларни амалга ошириш орқали 950 га яқин иш ўринлари яратилади.

Инвесторларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш кластерини яратиш ишлари Ўзбекистон Президентининг 6 июлдаги қарори асосида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан амалга оширилмоқда.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Тошкентнинг Олмазор туманида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича технопарк ташкил этиш масаласи август ойида Давлат инвесициялар қўмитаси вакилларининг хитойлик инвесторлар билан учрашувида муҳокама қилинган эди.

Кластер объектларидан бири — қайта ташкил этилган Tashkent Sanhe Toy ўзбек-хитой қўшма корхонаси. Фабрикада ҳар йили 200 турдаги 2,2 миллион дона юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарилади. 450 га яқин иш ўринлари ташкил этилади. Фабрика 2018 йилнинг мартида ишга туширилади.