Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келувчи Польша фуқароларига виза бериш тартибларини соддалаштириш орқали ушбу мамлакатдан сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган қарорини имзолади. Мазкур қарор ушбу мамлакатдан сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрувчи Польша фуқароларига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бериладиган визалар ҳужжатлар қабул қилинган кунни ҳисобга олмаганда икки кун ичида расмийлаштирилади. Бунда туристик ваучерлар ва Ўзбекистон сайёҳлик ташкилотлари таклифномаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

ТИВ маълумотларига кўра, айни пайтда Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Таиланд, Франция, Чехия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиблари жорий этилган. Ушбу мамлакатлар сайёҳларига бир ойгача муддатга кўп маротабалик, тадбиркорлик доиралари вакилларига эса бир йилгача (Малайзия учун олти ой) муддатга визалар тақдим этилиб, бунда турваучер ёки Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахсларининг ТИВга таклифнома билан мурожаат қилиши талаб этилмайди. Визалар ҳужжатлар топширилган кун ҳисобга олинмаганда икки кун ичида расмийлаштирилади.