Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати баёнотида сўз боради.

Мазкур баёнот халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг Kun.uz сайти мухбири билан суҳбати эълон қилинганидан сўнг баъзи интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ушбу масалага нохолис ёндашиш, интервьюнинг айрим қисмларини контексдан ажратиб нотўғри талқин қилиш ҳолатлари учраётгани муносабати билан эълон қилинди.

Вазирлик «соҳада хизмат қилаётган 400 минг нафардан ортиқ фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларини давом эттиради», дейилади баёнотда.

«Вазирлик қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қилади», — дея қайд этилади унда.