28−30 август кунлари Ригада иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Латвия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилиши ҳамда икки давлат тадбиркор доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Бизнес-форум жараёнида Латвиянинг De Fonte Group компанияси ва Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги қошидаги «Ўзтрейд» ташқи савдо компаниясининг ҳамкорликдаги савдо уйини очиш тўғрисидаги шартнома имзоланди, деб хабар қилди маҳкама матбуот хизмати «Газета.uz"га.

De Fonte Group 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, тўқимачилик, машинасозлик ва ахборот технологиялари каби соҳаларда саккизта корхонага эга. У Тошкентда Ўзбекистон ва Европа давлатларида бизнесни ривожлантириш масалалар бўйича тадбиркорларга маслаҳатлар берувчи Латвия бизнес марказини очди. 2017 йилда компания Чирчиқда электрокартинг, электровелосипедлар, электроскутерлар ва электроквадрацикллар ишлаб чиқарувчи De Fonte Electric Car корхонасига асос солди.

Ўзбекистондан Латвияга янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, электротехникалар, кимё маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари, юқори самарадорликка эга минерал ўғитлар, енгил ва юк машиналари ҳамда бошқа товарларни етказиб бериши мумкинлиги қайд этилди.

Ташриф доирасида «Ўзтрейд» Латвияга ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг тўқимачалик, мева-сабзавот ҳамда бошқа маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 10 млн долларга яқин шартномалар имзоланди.

Бундан ташқари, «Ўзтрейд» латвиялик шериклар билан Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Европа бозорлари йўналишларида ташиш логистикасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришди. Бунинг учун портлар инфратузилмаси ривожланган халқаро аҳамиятга молик Европа транспорт узели ҳисобланган Лиепая шаҳридаги омборхона мажмуасидан фойдаланилади.