Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 август куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинларининг жанговар тайёргарлик режасига мувофиқ «Каттақўрғон» дала-ўқув майдонида ўтказилган оператив тактик машқларни кузатди, деб хабар қилди ЎзА.

Мазкур дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари томонидан душман таҳдидини қайтариш ва уни йўқ қилишга доир машғулотлар бир-бирига боғлиқ бўлган жами олтита жанговар ҳаракатлар эпизоди ва учта алоҳида эпизодда намойиш этилди. Ватан ҳимоячилари барча вазифаларни муваффақиятли бажарди.

Давлат раҳбари ҳарбий мутахассислар билан суҳбатлашди. Ҳарбийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат ва ҳаёт шароитларини яхшилаш, билими ва маънавиятини юксалтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шавкат Мирзиёев миллий армиямиз моддий-техник таъминоти билан шуғулланадиган алоҳида тузилма ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Мудофаа вазирлиги қўшинларида қўлланиб келинаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, яъни зирҳли техникалар, артиллерия қуроллари, мотоўқчи бўлинмаларидаги автомобиллар, разведка ва алоқа воситалари билан танишди.