Ўзбекистон Либерал демократик партияси ҳар куни эрталаб 10:00 дан 11:00 га қадар фуқаролар билан депутатларнинг онлайн мулоқотини йўлга қўйди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди. Тўғридан-тўғри видеомулоқот Facebook ижтимоий тармоғидаги «УзЛиДеП мулоқотга чорлайди» гуруҳида ўтказилмоқда.

3 август куни бўлиб ўтган илк мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев бир соат давомида фуқароларни қизиқтираётган саволларга жавоб қайтарди.

Хусусан, фуқаролардан бюджет ташкилотлари ходимлари ойликларининг қачон оширилиши, номутахассисларнинг иш билан таъминланиши, ёш оилаларга арзон уй-жой, ер участкаларининг ажратилиши, депутатлар билан сайёр учрашувлар, олий ўқув юртларида сиртқи бўлимларнинг очилиши каби умумий масалалар билан бир қаторда фуқаролар ўз шахсий мурожаатлари билан ҳам фаол иштирок этди. Шу каби савол ва мурожаатлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати ваколатидан келиб чиққан ҳолда жавоб қайтариб, айрим мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар, давлат ҳокимияти органларига депутатлик сўровларини юборишини маълум қилди.

Эртага, 4 август куни эса Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров билан онлайн-мулоқот бўлиб ўтади.

Соат 10:00 дан 11:00 га қадар ўтказилиши режалаштирилган мулоқотга фуқаролар, хусусан тадбиркор, ишбилармонлар ва фермерлар матн, аудио ва видео шаклидаги мурожаатларини йўллашлари мумкин.