1 август куни Тошкент ахборот технологиялари университетида илк бор қўлланилган абитуриентларни имтиҳонга киритишда биометрик назорат тизими ўз самарасини берди.

Имтиҳон ўтказиладиган биноларга кириш жойида биологик идентификация қурилмалари ўрнатилди. Кириш имтиҳонига ўтиш учун абитуриент зарур ҳужжатларни тақдим этиш билан биргаликда, биометрик модулга бармоғини қўйиш талаб этилар эди. Бармоқ изи мос тушган тақдирда ноутбук экранида абитуриент ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлади. 12214 нафар абитуриент ушбу тизим орқали имтиҳонга киритилди. Таъкидлаш ўринлики, ҳар 5000 номзоддан 2 киши биометрик тизимни алдамоқчи бўлди. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Қабул комиссияси масъул котиби Дилмурод Давронбеквонинг таъкидлашича, 5 июль куни ТАТУ махсус факультетига кириш учун тест синовлари вақти 16 нафар қоидабузарнинг аниқланганидан сўнг энг камида 50 нафар абитуриент ҳужжатларини қайтариб олган.

Тест синовлари вақтида университетга бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва ректор Тўлқин Тешабоев ташриф буюриб, биологик идентификация тизими иши билан танишди.

Инсон ва ускуна назорати кучайтирилганига қарамасдан, айрим абитуриентлар ўзгалар ёрдамидан фойдаланишга ҳаракат қилди. Улар имтиҳон савол варақаларини деразадан ташқарига улоқтирганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан аниқланган. Аввалдан тайёрланган кишилар тестларни ечиб, турли айёрона усуллар билан жавобларни абитуриентга қайтариш режалаштирилган.

Жумладан, телекоммуникация технологиялари факультетига ҳужжат топширганлардан уч нафари худди шундай қоидабузарликка йўл қўйгани аниқланди. Улар имтиҳон топшириладиган аудиториядан чиқариб юборилди.