Ўзбекистонда валютани либераллаштириш учун халқаро молия институтлари кредитларини жалб қилишга зарурият йўқ. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб йиғилишида молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

У валюта ислоҳоти даврида инфляциянинг салбий оқибатларига қарши яқинда ташкил этилган Ички истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси кураш олиб боришини маълум қилди. Мазкур мақсадлар учун унда 100 млн доллар жамғарилади. Ушбу маблағлар ёрдамида давлат бирламчи аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини қўллаб-қувватлаб туради.

Мубин Мирзаев Ўзбекистон олтин захиралари 20 млрд доллардан зиёд эканини қайд этиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу икки йиллик импорт учун етарди.