19 сентябрь куни ICTEXPO 2017 кўргазмаси очилишида «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуаси павильонлари устидан ҳаво шари кўтарилади.

«Газета.uz"га маълум бўлишича, жорий йил бошида ташкил этилган Аэронавтика федерацияси Миллий банк кредит маблағлари ҳисобидан биринчи учиш ускунасини харид қилди. Россиянинг «Русбал» корхонасида ишлаб чиқарилган ҳаво шари шу ҳафта охирида Тошкентга етиб келиши керак.

Ҳаво шари августда Чорвоқ сув омборида синовдан ўтказилади. Альпинист ва саёҳатчи Самат Хошимов ҳаво шарини бошқаради. Ҳозирда у Россияда ҳавода сузувчи аппаратлар учувчилари курсида ўқимоқда. Келгусида Хошимов ўзбекистонлик ҳаво сузувчиларига сабоқ беради.

Янги ҳаво шарининг ҳажми беш қаватли уй катталигида бўлиб, унинг саватига тўрт йўловчи ва учувчи жойлашади. Унда Чимён тоғларида сайр қилиш мумкин.