Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Тошкент вилояти маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Давлат раҳбарининг ҳудудга ташриф буюришидан бир кун аввал қабул қилинган ҳужжат пойтахт вилоятининг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш ва шаҳарлардаги муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларида мавжуд бўлган тизимли муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа шаҳрига вилоятга бўйсинувчи шаҳар мақомини бериш ва уни Тошкент вилояти маъмурий маркази этиб тайинлаш тўғрисидаги таклифлари тасдиқланди.

Вилоятга бўйсинувчи шаҳарлар рўйхатига Оҳангарон ва Янгийўл ҳам киритилди. Бундан ташқари, Зангиота тумани ҳудудида Зангиота ва Тошкент туманлари ташкил этилади (улар 2010 йилда бирлаштирилган эди).

Ушбу қарорлар парламент палаталари томонидан тасдиқланиши лозим.

Вилоят ҳокимлигида молия, солиқ ва иқтисодиёт органлари штат бирликларининг қисқартирилиши эвазига 35 нафар штат бирлигига эга Туризмни ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳокимнинг туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосари котибияти қўшимча 5 та штат бирлиги билан кучайтирилди.

Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Чиноз ва Тошкент туманлари ҳокимиятларининг мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича фаолияти бош вазир ўринбосари, «Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Розуқулов томонидан мувофиқлаштирилади.

Ҳужжатда «Паркент» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрланиши белгиланган.